Трамп G-7 гуруҳи йиғинини бекор қилиб, учрашувни виртуал ўтказишни таклиф қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп «Катта еттилик»ка (G-7) аъзо мамлакатларнинг июнь ойида Америка президентининг Кэмп-Дэвид резиденциясида ўтказилиши режалаштирилган йиғинини бекор қилди

Президентнинг ушбу қарорига давом этаётган коронавирус пандемияси сабаб бўлди. Трамп юзма-юз учрашув ўрнига видеоконференция ўтказишни таклиф қилди.

«Катта еттилик» гуруҳига саноати ривожланган етти давлат аъзо бўлиб, булар Британия, Канада, Франция, Германия, Италия, Япония ва АҚШдир.

Уларнинг ҳар бири айни дамда COVID-19 пандемияси янада кенг тарқалиши олдини олиш учун курашмоқда.

Жорий йилда АҚШ «Катта еттилик»ка раҳбарлик қилмоқда.

Оқ уй матбуот котиби Жад Дир 16 март куни Трамп «Катта еттилик» давлатлари етакчилари билан суҳбатлашганини, бундан нари улар ҳар ой пандемияга қарши кураш ҳамда унинг глобал иқтисодга таъсирини виртуал йиғинлар орқали муҳокама қилишини айтди.