АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистони билан Россия нефть қазиб олиш кўламини озайтиришга ўзаро келиша олмаса, АҚШга импорт қилинадиган нефтга солиқ солишини айтди.
- Улар келиша олмаса, шундай қилган бўлардим. Жиддий тарифларни [жорий қилган бўлардим]. Шубҳасиз шундай қилган бўлардим, — деди Трамп.
Президент бундай чорани АҚШ нефть саноатини ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлади.
Саудия Арабистони ва Россия АҚШга нефть экспорт қилувчи энг йирик давлатлар қаторидадир.
Коронавирус пандемияси туфайли бир баррель нефть нархи 20 долларга арзонлаб, сўнгги 20 йил давомида қайд этилган энг паст даражага тушиб қолди.
Нефть нархининг арзонлаб кетгани ишлаб чиқариш харажатлари юқори бўлган АҚШ нефть ширкатлари фаолиятига таҳдид солади.
Ўтган ойда Саудия Арабистони ва Россия нефть қазиб олиш кўламини озайтиришга келиша олмади. Вашингтон эса икки давлатни келишувга эришишга чақирмоқда.