Туркиянинг Суриядаги амалиёти: Иккинчи кунда шиддатли тўқнашувлар содир бўлаётгани хабар қилинди

Сурия ҳудудидаги Туркия кучлари зарбалари теккан жойлардан тутун кўкка ўрламоқда. 2019, 9 октябрь.

Туркиянинг қуруқликдаги қўшинлари Сурия шимолида курдлар бошқарувидаги ҳудудларда 9 октябрда бошлаган ҳарбий юришини давом эттирмоқда. Туркия армияси амалиёт бошланганидан бери 181 объект ҳаводан ва гаубица тўплари билан нишонга олинганини маълум қилди.

Курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучлари (СДК) эса чегарадаги қишлоқларда шиддатли тўқнашувлар содир бўлаётганини билдирди.

СДКга кўра, Рас Ал-Айн ҳамда Тал Абяд шаҳарларида турк қўшинлари тўхтатиб қолинган.

Суриядаги курдлар етакчилигидаги расмийлар Туркияни Қамишлида “Ислом давлати” жангарилари ушлаб турилаётган қамоқхонани атайин нишонга олишда айблади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон амалиётнинг мақсади Сурия шимолида курд жангариларидан озод “хавфсизлик зонасини” яратиш эканлигини айтмоқда. Шунингдек, Туркия ушбу зонага суриялик қочқинларни ҳам жойлаштирмоқчи.

Амалиёт АҚШ президенти Дональд Трамп Анқара режасига қарши эмаслигини айтиб, ҳудуддан АҚШ қўшинларини олиб чиқишни буюриши ортидан бошланди. Трампнинг ушбу қарори АҚШда ҳам, хорижда ҳам кескин танқид қилинмоқда.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео АҚШ Туркияга ушбу амалиётни амалга оширишга замин яратиб бергани ҳақидаги иддаоларни “ёлғон” деб атади ва Вашингтон Туркия режасини қўллаганини рад этди.

Котиб Туркия “тушунса бўладиган хавфсизлик хавотирларига” эга эканлигини, мамлакат жанубида “террорчилар хавфи” борлигини қўшимча қилди.

15 аъзога эга БМТ Хавфсизлик кенгаши 10 октябрь куни учрашиб, Суриядаги вазиятни муҳокама қилади.

22 давлатни бирлаштирувчи Араб лигаси ҳам 12 октябрь куни Қоҳирада навбатдан ташқари йиғин ўтказишни режалаштирмоқда.

9 октябрь куни АҚШ сенаторлари демократлар ва республикачилар Туркиянинг юқори лавозимли сиёсатчилари, жумладан, президент Эрдўғонга қарши санкция жорий қилиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилишди.

Қонун юқори лавозимли сиёсатчиларнинг мулкларини музлатиб қўйиши ва уларнинг саёҳат қилишига чеклов қўйиши кутилмоқда. Шунингдек, AFP агентлиги қонун Анқарага қурол-аслаҳа сотишни ман қилишини хабар қилди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс аъзоси Туркиянинг “хавфсизлик хавотирларини тушунса бўлади” деди, аммо Анқара “минтақани беқарорлаштирувчи” чораларни кўрмаслиги кераклигини таъкидлади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши президенти, Жанубий Африка элчиси Мэтьюс Матджила Туркияни фуқароларни ҳимоя қилишга чақирди.

Европа Комиссиясининг истеъфога чиқиш арафасидаги етакчиси Жан-Клод Юнкер ҳам Анқарани вазминликка чақирди.

Россия президенти Владимир Путин эса, президент Эрдўғон билан телефон орқали суҳбатлашиб, Сурияга амалиётни бошлашдан аввал “яхшилаб ўйлаб олишга” ундади.

Кремль эълон қилган баёнотда “Путин Туркиядаги ҳамкорларни Сурия бўҳронини ҳал қилишга қаратилган умумий ҳаракатларга зиён етказмаслик учун вазият ҳақида яхшилаб ўйлаб олишга чақиради” дейилади.

Туркия 9 октябрь куни ўз ҳарбий юришини бошлашидан олдин курд қўшинлари бошқарувидаги ҳудудларга ҳаводан ҳамда артиллерия қуроллари билан ҳужум қилди. Туркия ҳужумларидан ҳозирга қадар камида 15 нафар одам ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Туркия террорчилар деб ҳисобловчи курд жангчиларига ҳужум қилишини бир неча ойдан бери айтиб келаётган эди.