Туркманистон расмийлари фуқароларга 2021 йил 1 январигача узрли сабабсиз мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни тақиқлаб қўйишди. Чеклов норасмий характерга эга бўлиб, унинг Ашхобод расман тан олмайдиган коронавирус эпидемияси билан боғлиқлиги тахмин қилинмоқда. Сафар учун рухсатнома махсус комиссия томонидан берилади. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизмати хабар қилди.
Туркманистонда шаҳарлараро сафар қилиш учун турғунлар комиссияга асосли сабаб кўрсатишлари лозим бўлади. Комиссия таркибига минтақа расмийлари, полиция, миграция ва санитария хизматлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик вазирлиги вакиллари киради.
Бу талаб ортидан пойтахтда ишлайдиган вилоятликлар Ашхободга етиб олиш имкониятидан маҳрум бўлишди, кўпчиликнинг эса авиачипталари куйди, дея хабар қилишди Озодликнинг туркман хизмати мухбирлари.
Март ойида ҳам Туркманистон расмийлари мамлакат ичида ҳаракатланиш учун чеклов жорий қилгандилар. Темирйўл ва автобус қатнови тўхтатилиб, минтақалараро автойўллар тўсилганди. Ҳозирда мамлакатнинг бир жойидан иккинчи жойига фақат ҳаво транспорти орқалигина етиб бориш мумкин.
Айни пайтда Ашхобод мамлакат ҳудудида шу кунгача биронта ҳам коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаганини иддао қилишда давом этмоқда.