Туркманистон полицияси маълумот устидан назоратни янада кучайтирмоқда. Озодлик радиоси туркман хизматининг хабар беришича, полиция касалхоналарда тиббиёт ходимлари телефонларини текшира бошлаган ва Интернет фойдаланувчиларига чекловларни четлаб ўтиш имконини берувчи VPN хизматларидан фойдаланадиган ёшлар изидан тушган.
Хабарларга кўра, Туркманобод шаҳрида полиция соғлиқни сақлаш ходимларининг телефонларини текшириб, мамлакатдаги пандемия ҳолати тўғрисида Озодлик ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан алоқага чиққан шахсларни аниқлашга уринмоқда.
Озодлик ва бошқа мустақил нашрлар мамлакат аҳолиси коронавирусдан азият чекаётгани, шифохоналар касаллар билан тўлгани ва ўлимлар сони ошиб бораётгани ҳақида хабар бериб келади.
Туркманистон расмийлари эса мамлакатда бирорта ҳам вирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаганини иддао қилишда давом этмоқда. Аммо бир вақтнинг ўзида мамлакат бўйлаб кўплаб чекловлар жорий қилинган.
Давлат оммавий ахборот воситалари коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида лом-мим демай келади.
Туркманистон хавфсизлик хизматлари мунтазам равишда аҳолининг шахсий маълумотларини текширади ва VPN фойдаланувчиларини таъқиб қилади.