Тюменда собиқ полициячи 8 ёшли қизалоқни зўрлаб, кейин ўлдирганини тан олди

Бережнойнинг айбдорлиги судда тасдиқланса, у Россия қонунчилигига асосан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Тюменда 25 август куни қўлга олинган 40 ёшли маҳаллий турғун Виталий Бережной 8 ёшли қизалоқни зўрлагани ва кейин ўлдирганини тан олди. Икки ой олдин йўқолган қизчани волонтёрлар, қутқарувчилар ва полиция қидирган эди.

Россия Тергов қўмитасининг билдиришича, Бережной 2008-2011 йиллари Ханти-Манси мухтор округида полиция ходими бўлган.

Қизча 30 июль куни уйи яқинидаги пансионатга бориб, бепул Wi-Fiдан телефонига ўйин кўчирмоқчи бўлган. У уйидан чиққанича бедарак кетган. Унинг жасади 19 август куни Бережной ишлайдиган мебел цехи яқинида топилган.

Маълум қилинишича, қизча ўлимидан олдин зўрланган. Қотил уни ўлдириб, маиший техника солинадиган қутилардан бирига жойлаб, ташлаб юборган.

Терговнинг билдиришича, қизча танасида топилган ДНК Бережнойнинг ДНКсига мос келган. Манбаларнинг айтишларича, Бережнойнинг ўзи ҳам волонтерлар қаторида қизчани қидириш ишларида иштирок этган.

Бережнойнинг айбдорлиги судда тасдиқланса, у Россия қонунчилигига асосан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.