Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларига 90 та огоҳлантириш хати берилган. Бу ҳақда АОКАнинг 11 ноябрь куни ёйинланган баёнотида айтилган.
Баёнотда агентлик бугунги шароитда эндигина оёққа тураётган “мустақил ОАВни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида” улар йўл қўйган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан расмий огоҳлантириш билан чекланаётгани ва ўз ваколатидаги бошқа чораларни ҳозирча қўлламай келаётгани қайд этилади.
“2020 йилнинг ўтган 9 ойида жами 90 та – шундан телевидение ва радиога 39 та (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги телеканаллар фаолиятига оид 20 га яқин, “Zo‘rTV” телеканалига 7 та, “Севимли” телеканалига 5 та ва бошқаларга), даврий босма нашрларга 29 та (“Ишонч” газетасига 1 та, “Сўғдиёна” газетасига 1 та, “Бекажон плюс” газетасига 1 та, “Театр” журналига 1 та ва бошқаларга), Интернет нашрларига 22 та (“Effect.uz” сайтига 3 та, “Nova24.uz”, “Qalampir” ва “Repost.uz” сайтларига 2 тадан ҳамда бошқаларга) тақдимномалар киритилган”, дейилган АОКА баёнотида.
Турли фейк ва текширилмаган ёки қонунга хилоф маълумотлар эълон қилган ОАВга асосан оғзаки огоҳлантириш бериш билан чекланилганини урғулаган агентлик “шу кунгача огоҳлантириш хатлари юборилиши натижасида бирорта ахборот субъекти маъмурий, молиявий ёки жиноий жазога тортилмаган”ини қўшимча қилади.
“Бироқ ушбу вақтинчалик ёндашув қонунбузарларга умуман чора кўрилмаслигини англатмайди. АОКА ахборот субъектларининг бундан хулоса чиқармаслиги ва ўз фаолиятида тегишли талабларга қатъий риоя этмаслиги эндиликда уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантиради”, дейилган агентликнинг расмий баёнотида.
Хабарномада АОКА оммавий ахборот воситаларини қонунбузарлик оқибатларидан огоҳлантириш билан бир қаторда, ҳуқуқлари бузилган журналистларни ҳимоя қилиш масаласига ҳам ўз ваколати доирасида жиддий эътибор қаратаётгани таъкидланган.