Жорий йилнинг январидан сентябригача бўлган 9 ой давомида Ўзбекистон бошқа давлатлардан умумий қиймати 104 миллион доллар бўлган 289 миллион литр бензин сотиб олди.
Давлат статистика қўмитасининг 6 ноябрда хабар беришича, бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 137 миллион литрга кўпдир.
Ўзбекистон бензиннинг 140,5 миллион литрини Россиядан, 126,8 миллион литрини Туркманистондан, 16 миллион литрини Қозоғистондан ва 3,6 миллион литрини Ироқдан сотиб олган.
Давлат статистика қўмитаси август ойида бензини импорти 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3,2 баробарга ошгани тўғрисида билдирган эди.
Айни пайтда расмийлар жорий йилнинг дастлабки 8 ойида Ўзбекистон ичкарисида деярли 730 минг тонна бензин ишлаб чиқарилганини ва бу 2020 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 5,1 фоизга кўплигини маълум қилган.