Украина Twitter ширкатини Қримда Россия тарғиботини дастаклашда айблади

Украинанинг АҚШдаги элчиси Владимир Ельченко.

Украина Twitter ширкатидан Россия Ташқи ишлар вазирлигининг аннексия қилинган Қримдаги идорасига берилган «расмий ҳисоб» белгисини ўчиришга чақирди. Бу ҳақда 8 февраль куни Украинанинг АҚШдаги элчихонаси маълум қилди.

Элчихона баёнотида ёзилишича, Украинанинг АҚШдаги элчиси Владимир Ельченко Twitter ширкатига Россия ҳукумати аккаунтини ўчиришни сўраб мактуб йўллаган.

2014 йил бошида Россия Қримни ноқонуний равишда аннексия қилиб олиб, Украина шарқида россияпараст айирмачиларни дастаклай бошлаган. Украина шарқидаги тўқнашувлар бугунга қадар тақрибан 13 200 киши умрига зомин бўлди.

Украина эътирозига сабаб бўлган аккаунт ўзини Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Симферополь шаҳридаги ваколатхонасига қарашли «расмий твиттер ҳисоби» деб таърифлайди.

Ҳисобнинг айни дамда 12000 га яқин обуначиси бор унга кўк рангли верификация белгиси берилган.

Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эмине Жеппар Facebookда Twitter платформасини Россиянинг «ташвиқот ва дезинформациясини» тарғиб қилишда айблади.