Украина Путиннинг дўстига алоқадор телеканалларни тақиқлади

Тақиқланган телеканаллар расман "Голос" партиясидан депутатликка номзод бўлган Тарас Козакка тегишли.

Украина Россия президенти Владимир Путинга яқин алоқаси бўлган сиёсий арбобнинг маҳаллий медиактивларига қарши санкция жорий қилди.

Мамлакатдаги кремлпараст кучларга қарши навбатдаги юриш доирасида Украина президенти Владимир Зеленский 2 февраль куни уч маҳаллий телеканалга қарши санкциялар киритди. Хавфсизлик Кенгаши тавсияси билан 112, NewsOne ва ZIK телеканаллар фаолияти тўхтатилди.

Ушбу телеканаллар расман руспараст парламент депутати Тарас Козакка тегишли.

Лекин ОАВ маълумотига кўра, аслида улар мамлакатнинг энг бадавлат ва нуфузли кишиларидан бири, партия сиёсий кенгашининг раҳбари Виктор Медведчукка тегишлидир.

Путин Медведчукнинг қизига чўқинтирган ота бўлади. Медведчукнинг ўзи телеканаллар унга тегишли эканлигини инкор этади.

Санкциялар жорий қилингандан сўнг, телеканаллар дарҳол эфирдан олинди, лекин улар ҳамон интернетда узатилмоқда.

Украина парламентининг собиқ депутати Сергий Лешченко Россия мафкурасини Украинада тарғибот қилаётган ушбу телеканалларни “Россиянинг троян оти” деб таърифлайди.

Лешченконинг фикрича, Youtube ҳам уларни узиб ташлаши керак. Президент маслаҳатчиси Михайло Подоляк маҳаллий журналистларга билдиришича, ушбу телеканаллар “очиқчасига ва фаол тарзда ёт ташвиқот воситаси сифатида Украинада фаолият юритган”.