Сўнгги уч кун давомида президент тиббиёт соҳасига оид 1 фармон ва 3 қарорни имзолагани тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Фармон “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”деб номланади.
Қарорлар эса “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, ️“Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ва “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланади.
Президент фармонига асосан, умумий амалиёт шифокори бундан буён оилавий шифокор деб аталади ва тиббиёт олий таълим муассасаларидаги фан дастурлари ҳам айни оилавий шифокор тайёрлашга мослаштирилади.
Оилавий шифокорининг масъулияти орттирилиб, туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари ҳамда вилоят шифохоналарига бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йўлланмалар оилавий шифокорлар томонидан бериладиган бўлади.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмларга имтиёзли рецептлар ёзиб бериш ҳам оилавий шифокор томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган.
2021 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланиб, аҳоли сони ва маҳаллий заруриятдан келиб чиқиб, навбатчилик тизими жорий этилади.
Шунингдек, оилавий шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари рейтингига кўра, ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш амалиёти жорий этилади.
Президент фармонига асосан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Қарши давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти, Гулистон давлат университетида тиббиёт факультетлари ташкил қилинади.
Президент фармонида тиббиёт ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган барча турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланиши белгиланди.