Фарғона шаҳрининг “Хўжамағиз” маҳалласида яшовчи Ғанижон Одилов ва Мунаввархон Одилова оиласида тўрт эгизак— уч ўғил ва бир қиз туғилди.
“Дарё” нашрининг ўз мухбирига таяниб хабар беришича, чақалоқларга Тўлқинбой, Абдукарим, Абдуҳаким ва Зилола деб исм қўйилган. Одиловлар оиласининг бундан ташқари 2016 ва 2018 йилда туғилган яна икки қиз фарзанди бор.
"Шифокорларнинг таъкидлашича, чақалоқлар соғлом, улар зудлик билан жонлантириш бўлимига ўтказилган ва керакли муолажалар қилинган”,-дейилади хабарда.
Ўзбекистонда бундан аввал уч ва тўрт эгизларга Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач Шавкат, Миромон, Мирзиё деб исм қўйиш урфга айланган эди.
Шу пайтгача бир неча шундай оилага автомашина совға қилинган. Бу ҳолат маҳаллий матбуотда танқид қилинди ҳам.
Масалан, “Даракчи”нинг 2019 йил 16 май сонида эълон қилинган мақола муаллифи бу ҳолатни “ошкора тамагирлик” деб атаган.