Фарғонадаги футбол беллашуви муштлашувга уланиб кетди

Ўзбекистоннинг суперлигасига йўлланма олиш учун Фарғонанинг “Нефтчи” ва Яйпаннинг “Турон” командалари ўртасида 1 декабрь куни ўтказилган ўйин оммавий муштлашувга уланиб кетди.

Маълумотларга кўра, беллашув “Турон” фойдасига 1:0 ҳисоби билан тугаган. Шундан сўнг ютқазган команда ўйинчилари ҳакамга эътироз билдира бошлаганлар, пировардида бу тортишув тартибсизликка айланиб кетган, муштлашаётган футболчиларга ўйинни томоша қилиб ўтирган ишқибозлар ҳам қўшилиб кетган.

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ўйин пайтида юз берган кўнгилсиз ҳодиса юзасидан шарҳ бергани йўқ. ПФЛ сайтида Про лига 20-туридан ўрин олган “Нефтчи” ҳамда “Турон” жамоалари ўртасидаги ўйин ўз ниҳоясига етгани, Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида кечган учрашувда яйпанликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгани ҳақидагина хабар берилган, холос.

Айни пайтда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат тартиб посбонлари томонидан назоратга олинганлиги ҳақида маълумот тарқатди.

“Ҳозирда барча ҳуқуқбузарлар ушланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмокда”, дейилади ИИБ расмий баёнотида.

Фарғоналик ҳуқуқ-тартиботчилар воқеага алоқадор ҳар бир иштирокчининг ҳаракатига қонуний баҳо берилишини билдирганлар.