АҚШ президентлиги сайловининг хавфсизлигини таъминлашга мутасадди бўлган Компьютер ва инфраструктура хавфсизлиги федерал агентлиги - CISA овоз бериш жараёнида бирон бир номзод фойдасига натижаларни сохталаштириш бўлмаганини маълум қилди.
Агентлик президент Дональд Трампнинг ва республикачиларнинг овозлар демократ Жо Байден фойдасига сохталаштиргани тўғрисидаги иддаолари ҳеч қандай асосга эга эмаслигини таъкидлади.
“3 ноябрда бўлиб ўтган сайловлар Америка тарихидаги энг хавфсиз сайлов бўлди”,-дейилади CISA баёнотида.
Мазкур баёнот штатлардаги сайлов комиссиялари раҳбарлари Миллий ассоциацияси раиси ва овозларни санаш учун техник воситаларни етказиб берувчи қатор ширкатлар раҳбарлари томонидан имзоланди.
Компьютер ва инфраструктура хавфсизлиги федерал агентлиги баёноти Дональд Трамп овозларни санаш бўйича техник воситаларни ишлаб чиқарувчи ширкат сайловчиларнинг 2 миллион 700 минг овозини “ўчириб ташлагани”ни, Пенсильвания ва бошқа штатларда Трампга берилган юз минглаб овозлар Байден фойдасига ҳисоблангани тўғрисидаги асосланмаган иддаони яна ретвит қилганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинди.