Пискент ҳокими фермерлар ерини қайтариш ҳақидаги суд қарорини тан олмаяпти

Тошкент вилоят, Пискент тумани ҳокими Шуҳрат Аҳмедов маъмурий суднинг ерлари ноқонуний олиб қўйилган фермерлар фойдасига чиқарган қарорларини тан олмаяпти.

Озодликка мурожаат қилган тўрт нафар фермернинг айтишича, туман ҳокими оптималлаштириш баҳонасида уларнинг ерини ғайриқонуний олиб қўйган, бироқ маъмурий суд ҳокимнинг бу қарорини бекор қилган.

Тошкент вилоят маъмурий суди аппеляция инстанцияси ҳам Пискент тумани маъмурий судининг қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Фермерларнинг айтишларича, ҳоким судларнинг бу қарорларини инобатга олмай, ноқонуний олиб қўйилган ерларни эгаларига қайтармаяпти.

Туман ҳокими ўринбосари Озодлик саволига жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Пискентлик фермерларнинг президентга мурожаати

Пискент туманидаги “Машъал”, “Марипов Аҳрор”, “Ўзбекистон ВИП”, “Каримов Хуршид” фермер хўжаликлари ерлари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз 2019 йилнинг февралида ҳокимлик захирасига қайтариб олиниб, бошқа фермерларга бериб юборилган.

Фермер Аҳрор Мариповнинг Озодликка айтишича, туман ҳокимининг бу қарори ғайриқонуний бўлган:

- Ҳоким Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 14-қарори, яъни оптималлаштириш баҳонасида бизнинг аризамизсиз захирага олиб қўйди. Қонун бўйича ерни ҳоким ёки бизнинг розилигимиз, ёки суд қарори билан захирага олиб қўйишга ҳақли эди. Лекин ҳоким ўзи истаганча ҳаракат қилди.

Ерлари ноқонуний олиб қўйилган тўрт фермер хўжалиги раҳбари энг қуйи инстанциядан тортиб, вилоят прокуратураси, вилоят фермерлар кенгаши ва бошқа ташкилотларга шикоят қилган.

Барча ташкилотлар фермерлар шикоятини кўриб чиқиш учун вилоят фермерлар кенгашига юборганлиги сабабли, кенгаш бу ишни ўрганиб, ҳокимликни маъмурий судга берган.

Ҳокимлик кўрсатган важларнинг бирортаси судда исботланмади.


- 2019 йил 15 июль куни Пискент туман Маъмурий суди бизнинг ишимизни ўрганиб чиқиб, ҳокимнинг 277-қарорининг бизга тегишли қисмини ҳақиқий эмас деб топди. Чунки ҳокимлик кўрсатган важларнинг бирортаси судда исботланмади. Бизнинг ерларимиз берилган фермерларни чақириб, уларни ҳам сўроқ қилди. Улар ҳам ҳеч нарсани исботлаб беролмади. Чунки, уларнинг кўрсаткичлари бизникидан анча паст эди.

Суд қарорида бу ҳақда шундай дейилган:

“Пскент тумани ҳокимининг 2019 йил 15 февралдаги 277-сонли қарорининг “Марипов Аҳрор” фермер хўжалигига тегишли қисми ҳақиқий эмас деб топилсин”.

Суд ҳокимлик зиммасига фермер ерини 14-сонли қарорда кўрсатилган тартибда мақбуллаштириш мажбуриятини юклаган.

Суд қолган уч нафар фермерга нисбатан ҳам айнан қарор чиқарган.

Аҳрор Мариповнинг айтишича, улар суд қарорининг учинчи бандидан норози бўлган:

- Чунки, ҳокимнинг ўзи бизнинг еримизни ноҳақ олиб, қонунбузарлик қилди. Лекин маъмурий суд бизнинг ишимизни қайта кўришни яна туман ҳокимининг зиммасига юклаб қўйди.

Тошкент вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси 27 август куни вилоят фермерлар кенгаши томонидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқиб, Пискент маъмурий судининг бу қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

“Машъал” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Мариповнинг айтишича, ҳоким ерни планни бажармай ишдан бўшаб кетган бошқа фермерга бериб юборган:

Топган пулимга техника сотиб олдим. Доим планларни бажарганман.


- 1998 йилда 4 гектар ер билан иш бошлаганман. Нечта оптималлаштириш бўлган бўлса, яхши ишлаганим учун қўшилиб 60 гектар ер бўлган эди. Топган пулимга техника сотиб олдим. Доим планларни бажарганман. 2016 йил дўл уриб кетди пахтани, бажаролмай қолдик. Расмлари ҳам, актлари ҳам бор. 2017 йил бажардик. 2018 йил кўсак қурти тушиб туман бўйича 5-6 фермер бажарди, холос. Туман бўйича энг юқори ҳосилдорликни биз бериб келганмиз. Лекин ҳоким ўзи билганча иш тутди. Планни бажармай келган бошқа фермерга бериб юборди, бу йил ҳам планни бажармади.

“Ўзбекистон ВИП” фермер хўжалиги раҳбари Виктор Зиновьевнинг айтишича,

Депутатлар ҳам ҳеч нарсани сўрамай, кўр-кўрона қўл кўтарди.


- Суд бу ишни ҳокимга қайтадан кўриб чиқиш учун қайтарди. Қаранг, энди қандай бўлди: Ҳоким сессия ўтказди. Сессияда овозга қўйдириб, яна захирага қайтарди. Вазирлар Маҳкамасининг 14-сонли қарори яна бузилди. Депутатлар ҳам ҳеч нарсани сўрамай, кўр-кўрона қўл кўтарди. Мен уларга, сизларни халқ сайлаган, сўранглар нима бўлди, нима қўйди, қонунга қаранглар десам, биттаси ўрнидан туриб э, Виктор ака кеч бўлди, уйга кетиш керак, дейди. Мана шунақа бизнинг депутатлар.

Тошкент вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳуқуқшуноси Сотволди Хуррамов фермерлар манфаатларини судларда ҳимоя қилган.

Сотволди Хуррамовнинг айтишича, ҳоким суднинг қарорини бажаришга мажбур:

Юриспруденцияда суднинг қарорини бажариш ҳамма учун мажбурий дейилган.


- Суднинг қарори қонуний кучга кирганидан кейин, ким бўлишидан қатъий назар бажарилиши шарт. Суд қарорини бажариш ҳокимларнинг ўзини зиммасига юклатилган. Бу соҳада қонунчилигимизда бироз камчилик бор. Бу каби ишларда ижро варақаси берилиши назарда тутилмагани учун, МИБ ижро варақаси бермайди. Лекин юриспруденцияда суднинг қарорини бажариш ҳамма учун мажбурий дейилган. Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган ҳал қилув қарорини бажармаслик, бу республиканинг қонунларини тан олмаслик деганидир.

Озодлик туман ҳокими Шуҳрат Аҳмедовнинг мобил телефонига кун давомида бир неча бор қўнғироқ қилди. Аммо ҳоким гўшакни кўтармади.

Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Ҳакимжон Озодликнинг фермерлар тўғрисидаги саволини эшитганидан сўнг, мажлисдаман, кейин телефон қиламан деди-да, алоқани узди.