Хакерлар ҳокимлик расмийси ўз ходимини калтаклагани ортидан Сурхондарёдаги расмий сайтларни бузганини иддао қилишди

Сурхондарёда вилоят, шаҳар ва туманлари ҳокимликларининг 11та расмий сайти 6 январь куни хакерлар ҳужумига учради. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати бу хабарни тасдиқлади ва айни пайтда “сайтларни асл ҳолида ишлатиш чоралари кўрилаётгани” тўғрисида маълум қилди.

“Дарё” нашрининг ёзишича, хакерлар ҳужумидан сўнг вилоят ҳокимлиги сайтининг бош саҳифасида қора фонда ҳужумни Clone Security гуруҳи амалга оширгани тўғрисида ёзув пайдо бўлган.

“Хакерлар сайтда қолдирган хабарида бутун вилоят ҳокимлиги тизимига киришганлигини, вилоят ҳокими “яхши мутахассисларга эътибор қаратмаса”, унинг ёпиқ қарор ва фармойишлари эълон қилинишини айтган”,-дейилади хабарда.

Нашрнинг билдиришича, Clone Security гуруҳи “Дарё”га мурожаат ҳам юборган. Мурожаатда “вилоят ҳокимлиги АКТ бўлимида ишлайдиган ходим икки ҳафта олдин ҳокимлик ишлари бошқармаси бошлиғи томонидан ўз иш кабинетида ўзаро келишмовчилик сабаб калтаклаганлиги” иддао қилинган.

Хакерларга кўра, бу ҳолат юзасидан президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган ҳодим 16 декабрда ишдан олинган.

Clone Security хакерлар гуруҳи 2013 йилнинг июнида Ўзбекистон футбол федерациясининг расмий сайтига ҳам ҳужум уюштирганди. Ундан аввалроқ эса Clone Security ЎзМТРК сайтини ҳам бузиб кирган эди.