Халилзод Афғонистон ҳукумати билан Толибон ўзаро маҳбус алмашганини олқишлади

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Афғонистон ҳукумати Толибон билан ўзаро маҳбус алмашганини олқишлаб, бу ҳолат мамлакатда тинчлик ўрнатиш йўлида ташланган «муҳим қадам» эканлигини таъкидлади.

13 апрель куни Халилзод Twitterда ҳар икки тарафни эришилган тинчлик шартномаси шартларини бажаришда давом этишга чақирди.

Халқаро қизил хоч қўмитаси тарқатган маълумотларга кўра, 12 апрель куни Қандаҳор вилоятида Толибон 20 маҳбусни қўйиб юборган. Бундан олдинроқ Афғонистон ҳукумати Толибоннинг 100 аъзосини қамоқхоналардан чиқарган эди.

Шундай қилиб, 8 апрелдан бери расмий Кобул озодликка чиқарган Толибон маҳбуслари сони 300 кишига етди.

29 февраль куни Доҳада АҚШ ва Толибон ўртасида Афғонистонда 19 йилдан бери тинчимаётган урушни тугатиш мақсадида тинчлик келишуви имзоланган.

Мазкур келишувда Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокара қилиш ва қатор хавфсизлик кафолатларини зиммасига олди, бунинг эвазига АҚШ ўз қўшинларини 14 ой ичида мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлди. Шунингдек, келишувга биноан Афғонистон ҳукумати Толибон ҳаракатининг қамоқдаги 5000 га яқин аъзосини, жангари гуруҳ эса 1000 нафар ҳукумат ходимини озод этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.