Халқаро атом энергияси агентлиги: Ўзбекистон илк АЭСни қуришга тайёр

Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида АЭС қурилиши масаласида олиб борилаётган техник тадқиқот ишлари ("Ўзатом" фотоси)

Халқаро атом энергияси агентлиги – IAEA Ўзбекистонда АЭС қурилиши юзасидан барча ишлар хавфсизликнинг барча талабларига ва атом қуролини тарқатмаслик принципларига амал қилинган ҳолда олиб борилаётганини маълум қилди.

БМТ сайтида билдирилишича, агентлик экспертлари июнь ойида Ўзбекистонга 12 кунлик иш сафари билан борган.

Экспертлар ядровий энергетика дастурини амалга ошириш жараёнидаги барча ишларни комплексли равишда баҳолаган ва бу жараён халқаро талаб ҳамда меъёрларга амал қилинган ҳолда олиб борилаётганини тасдиқлаган.

IAEA экспертлари Ўзбекистонга АЭС қуришда кўмаклашишга қаратилган тавсиялар ва таклифларни ҳукуматга тақдим этди.

Ўзбекистон ҳудудида Россия билан ҳамкорликда АЭС қурилиши бўйича икки мамлакат ҳукуматлари 2018 йил сентябрида келишувга эришгандилар. Бу иш асосан “Росатом” давлат корпорацияси томонидан амалга ошириладиган бўлган. Станция қурилиши учун устувор жой ўлароқ Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинида жойлашган майдон танлангани айтилганди.

Ўша йилнинг 19 октябрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босган эдилар. АЭС қурилиши 2028 йилгача якунланиши режалаштирилган.

Халқаро атом энергияси агентлиги БМТ қошида 1957 йилда жаҳон давлатларига атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш мақсадида ташкил этилган.