Матбуот эркинлигини кузатиб борувчи халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини блогер Отабек Сатторийга суд томонидан чиқарилган ҳукмни бекор қилишга ва уни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирди.
10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди блогер Отабек Сатторийни 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди. Сатторий тухмат қилганлик ва товламачиликда айбдор деб топилган.
Халқаро ташкилотлар Сатторий блогерлик фаолияти ортидан “сохталаштирилган жиноят иши асосида қамалди”, деб ҳисоблайди.
“Ҳукумат Отабек Сатторийни зудликда қамоқдан озод этиши ҳамда барча журналистларга эрикн ва репрессияга учраш таҳдидидан ҳоли бўлган муҳитда ишлаш имкониятини яратиши шарт”,-деб билдирди Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти.
Мазкур ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастурлари мувофиқлаштирувчиси Гулноза Сайид: “Сатторийнинг қамоққа ташланиши октябрда ўтадиган президент сайловлари арафасида матбуотни долзарб муаммоларни ёритишдан чеклаш ҳаракатидир”,-деб баёнот берди.
“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти эса Сатторийнинг қамалишини “ҳукуматнинг маҳаллий коррупция ортидан келиб чиқаётган жанжалларни бостириш ва танқидчиларни қўрқитишга интилиши” ўлароқ баҳолади.
Танқидий чиқишлари билан танилган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий устидан маҳкама жараёни 11 март куни Музработ туман судида бошланган эди.