Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни гомосексуализм учун жиноий жавобгарликни бекор қилишга чақирди

Ўзбекистонда гейлар уч йилгача қамалади.

Қатор халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматини гомосексуализм учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш ва гейларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 120-моддасида гомосексуализм учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланганини таъкидлаган.

“Айни пайтда Ўзбекистонда янги Жиноят Кодекси ишлаб чиқилмоқда.Ҳукумат органлари бу имкониятдан инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш йўлида фойдаланиши лозим”,-дейилади баёнотда.

Халқаро амнистия, Freedom House, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси ва бошқа ташкилотлар имзолаган мурожаатда 2020 йилниг январида ва майида БМТнинг Қийноқларга қарши кураш қўмитаси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ўзбекистонга Жиноят кодексининг 120-моддасини бекор қилишни тавсия қилгани ҳам эсланади.

Ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашларича, кучишлатар тузилмалар гомосексуалларга жиноий жавобгарлик мавжудлигидан фойдаланиб, уларни шантаж қилмоқда, катта миқдорда пул талаб қилмоқда. Халқаро ташкилотлар бу борада аниқ далилларга эга эканликларини билдирганлар.

Ўзбекистон ҳукумати гомосексуализм ислом динига ва миллий маънавий қадриятларга зид келишини айтиб, жамотчилик 120-модданинг бекор қилинишига ҳали тайёр эмаслигини билдириб келади.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматининг бу позицияси инсон ҳуқуқлари бузилишига асос бўла олмаслигини, қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Туркияда гомосексуализм учун жиноий жавобгарлик йўқлигини таъкидлаган.