COVID-19 пандемияси Ўзбекистон иқтисодиётига сезиларли, лекин қисқа муддатли салбий таъсир кўрсатди. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармасининг 17 февраль куни эълон қилинган Ўзбекистонга оид навбатдаги ҳисоботида билдирилди.
Халқаро валюта фонди экспертларининг таъкидлашича, пандемия Ўзбекистон иқтисодиётига 2020 йилнинг биринчи ярмида жиддий зарба берган.
“Иқтисодиётга салбий таъсирнинг кучайиши қатъий ва ўз вақтида кўрилган чоралар ва ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаш чорлари натижасида тўхтатиб қолинди”,-дейилади ҳисоботда.
Фонд экспертларининг билдиришларича, бу каби қатъий чоралар оқибатида 2020 йилнинг иккинчи ярмида иқтисодиёт ўзини тиклай бошлаган. Ўзбекистон пандемия шароитида иқтисодий ўсиш кузатилган кам сонли мамлакатлардан бири бўлган.
“2020 йилда Ўзбекистонда 1,6 фоиз ўсиш кузатилди. Бу пандемиягача бўлган прогнозлардан 4 фоизга оздир”,-дейилади ҳисоботда.
Экспертларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишда давом этади, бироқ бу ўсиш коронавирусга қарши эмлаш жараёни қандай олиб борилишига боғлиқ бўлади.
Халқаро валюта фонди 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 5 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда.