Хива Ички ишлар бошқармаси туғруқ пайтида вафот этган она ва бола юзасидан жиноят иши очгани тўғрисида 9 март куни маълум қилинди.
Расман билдирилишича, 3 февраль куни соат 22.03да Хива шаҳридаги “Мевастон” маҳалласи, Девоний кўчаси, 10-уйда яшаган, 1985 йилда туғилган Динара Мадаминова туман тиббиёт бирлашмасига қарашли акушерлик комплексида кесар кесиш амалиёти вақтида вафот этгани хабар қилинган.
Билдирувда маълум қилинишича, она оғир аҳқолда бўлгани учун шифокорлар чақалоқни кесар кесиш амалиёти орқали олиш қарорига келган. Аммо чақалоқ она қорнидан соат 19:13 да ўлик ҳолда олинган. Соат 22:40 да эса онада ҳам биологик ўлим қайд этилган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра она ўлимига “бачадон бўйин орқа девори йиртилиши, кесар кесиш амалиётидан кейинги ҳолат, бачадондан қон кетиши (постгеморагик шок) оқибатидаги ўткир юрак ва қон томир етишмовчилиги” сабаб бўлган.