Хитой АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятини савдо борасидаги чекловларни бекор қилишга чақирди. Хитой, шунингдек, Тайвань, Ҳонконг, Шинжонь ва Тибет масалаларига АҚШнинг “асоссиз аралашувига” чек қўйишни ҳам талаб қилди.
Хитой ташқи ишлар вазири Ван Иннинг бу изоҳлари 22 февраль куни Пекинда бўлиб ўтган АҚШ-Хитой алоқаларига бағишланган форумда янграган.
Хитой ҳозирда АҚШ янги маъмуриятидан собиқ президент Трамп томонидан жорий қилинган чоралардан воз кечишни сўрамоқда.
Трамп Хитой молларининг импортига тарифларни 2017 йилда ошириб, Хитой технологик компаниялари ва академик алмашинувларга нисбатан чекловларни ўрнатган эди. У, шунингдек, Тайвань билан ҳарбий ва дипломатик муносабатларни жадаллаштириб, Шинжон ва Ҳонконгдаги қатағонлар учун масъулларга қарши санкциялар жорий қилган эди.
“Биз АҚШ маъмурияти ўз ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқаётганидан хабардормиз”, - деди Ван И форумга йиғилган дипломат, тадқиқотчилар ҳамда журналистларга.
“АҚШ сиёсатчилари замон билан ҳамнафас яшашидан, дунёдаги трендларни кўра олишидан, асоссиз гумонлардан воз кеча олишидан ҳамда Хитой борасида яна оқил сиёсат тамойилларига қайта олишидан умидвормиз”, - деган Ван.
Байден маъмурияти Вашингтоннинг Хитой борасидаги амалдаги сиёсатини тубдан ўзгартирадими деган саволнинг жавоби ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.