Хитой коронавируснинг илк беморлари ҳақида ЖССТга тўлиқ маълумот беришдан бош тортди

ЖССТнинг Хитойга борган вакиллари.

Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – ЖСТТ мутахассисларига дастлабки коронавирус юқтириш ҳолатлари тўғрисида тўлиқ маълумотлар беришдан бош тортди. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси Хитойда коронавирус келиб чиқишини ўрганган илмий гуруҳ аъзоларига таянган ҳолда хабар берди.

Мутахассислар Хитойдан Ухань шаҳридаги 174 та вирусга чалиниш ҳолат бўйича дастлабки маълумотни сўраганлар. Бундай маълумот олимларга COVID-19 инфекциясини келтириб чиқарувчи вирус қачон ва қандай суратда бутун мамлакат бўйлаб тарқала бошлагани ҳақида хулоса чиқаришга кўмаклашиши мумкин эди.

Бунинг ўрнига Хитой расмийлари олимларга хитойлик олимлар томонидан қайта ишланган маълумотни тақдим этишган.

Аввалроқ The Wall Street Journal газетаси ЖССТ миссиясининг дастлабки хулосаларига кўра, коронавирус эпидемияси расман тасдиқлангандан икки ой олдин бошланган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Хитой расмийлари нима сабабдан ЖССТ гуруҳига тўлиқ маълумот берилмаганини изоҳлагани йўқ.