Хитойда COVID-19 келиб чиқишни ўрганаётган ЖССТ вакиллари журналистлар билан мулоқот қилади

Коронавируснинг инсонлар орасида тарқала бошланиши сабабларини аниқлаш мақсадида Хитойга борган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари 9 февраль куни ОАВни тадқиқот жараёни билан таништиради. ЖССТ баёнотида айтилишича, матбуот анжумани Ухань шаҳрида бўлиб ўтади.

“Уханда тўрт ҳафта мобайнида коронавируснинг инсонлар орасида тарқала бошланиши сабабларини аниқлаш устида ишлаган халқаро жамоа хитойлик ҳамкасблари билан биргаликда журналистлар учун матбуот анжуманини ўтказади” , - деб баёнот берган ЖССТ.

Анжуман Ухань шаҳридаги меҳмонхонада ўтказилиб, ЖССТ ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жонли узатилади.

Коронавирусга чалиниш бўйича илк ҳолатлар айнан Ухань шаҳрида 2019 йилнинг декабрь ойида аниқланган. Ўтган давр мобайнида дунё бўйлаб коронавирус қурбонларининг сони 2,3 миллионга етган.

Олимларнинг фикрича, коронавирус кўршапалаклардан одамга бошқа жонивор орқали ўтган бўлиши мумкин.

Юқори лавозимдаги ЖССТ расмийлари Хитойга юборилган тадқиқотчилар пандемиянинг сабаблари ва келиб чиқишини бир марталик тадқиқот жараёнида аниқлашига шубҳа билан қараган эди.