Хитой сўнгги бир неча ой ичида илк маротаба коронавируснинг жиддий тўлқинига дуч келди. Пойтахт Пекиндан унча узоқ бўлмаган Хэбэй вилоятида яна ўнлаб одамларда коронавирус аниқланди.
Хитой 11 январда Ухан шаҳрида COVID-19га чалинган биринчи одам ўлганини ҳеч бир тарзда эсга олмаётгани ортидан яна янги беморлар пайдо бўлгани ташвиш уйғотмоқда.
Бир йил аввал Хитой матбуоти 61 ёшли эркак номаълум вирусдан вафот этгани тўғрисида илк хабарни тарқатган эди. Хабарда эркак номаълум вирусни Ухандаги ҳайвон бозорида юқтириб олган бўлиши тахмин қилинганди. Ҳозиргача коронавируснинг келиб чиқиши номаълум бўлиб қолмоқда.
Ўшандан бери жаҳонда камида 90 миллон киши COVID-19га чалинди, беморлардан 1 миллион 900 минг нафари вафот этди.
Жаҳон ҳамжамияти Хитойни вирус ҳақида ўз вақтида маълумот бермаганликда ва маълумотларни яширганликда айблаб келади.
Хитой коронавирусга қарши курашда жиддий муваффақиятга эришди. Сўнгги беш ойдан бери илк маротаба Хэбэй вилоятининг Шицзячжуан ва Синтай шаҳарларида коронавируснинг янги тўлқини аниқланди.