Нидерландия пойтахти Амстердам шаҳридаги "Карре Амстердам" театрида 3 январь кунги томоша вақтида ўн метр баландликдан қулаб тушган ўзбекистонлик цирк артисти Кристина Воробьева 7 январь куни касалхонанинг жонлантириш бўлимидан палатага чиқарилди.
Ўзбекистоннинг Бенилюкс давлатларидаги элчихонасининг консуллик бўлими ўзбекистонлик цирк артисти атрофидаги вазиятни ўз назоратига олди.
Amsterdam Medical Centerда даволанаётган Кристина Воробьёванинг facebook саҳифасида жойлаштирилган маълумотга қараганда, унинг орқа мияси ва бўйин умуртқасида иккита операция ўтказилган.
“Умуртқалараро дискни олиб ташлаб, титандан ясалган болтли пластина ўрнатишди. Ҳозирча оёқларимни сезмаяпман ва ўнг қўлимда муаммо бор”, — дейилади Кристина Воробьёва номидан ёзилган маълумотда.
Унда айтилишича, ҳозирча шифокорлардан якуний хулоса олинган эмас. Чунки Кристина Воробьёванинг аҳволи оғир бўлгани учун хулоса чиқаришга яна вақт керак бўлади.
Ўзбекистоннинг Бенилюкс (Бельгия, Нидерландия ва Люксемург) давлатларидаги элчихонасининг консуллик бўлими ўзбекистонлик цирк артисти билан боғлиқ вазиятни ўз назоратига олди.
Консул Аъзам Абдурашидов 7 январь куни Озодлик радиосига: “Мен Амстердамга шахсан ўзим бориб, уларнинг ҳолидан хабар олиб келдим. Рустэм Османовнинг аҳволи ҳозир яхши. Крситина Воробьёва иккита операцияни бошидан кечирди, ҳозир учинчи операцияга тайёргарлик кўрилмоқда”, -деб билдирди.
Консулнинг айтишича, Кристина Воробьёва масаласида «Карре Амстердам» театри раҳбарияти ҳамда суғурта ширкатлари билан музокаралар ўтказилган.
“Кристина Воробьёванинг даволаниши ва операцияларини тўлиғича суғурта ширкати ўз зиммасига олди. Айни пайтда Кристинанинг онасини Амстердамга олиб келиш учун виза масаласини кўриб чиқаяпмиз. Бу масалада Тошкентда Нидерландиянинг элчихонаси бўлмагани учун Москвадаги Нидерландия элчихонаси билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Ҳозир барча тегишли ҳужжатлар топширилди. Яқин кунларда Кристинанинг онасига виза берилади”, -деди Аъзам Абдурашидов.
3 январь куни Нидерландия пойтахтидаги «Карре Амстердам» театридаги томоша пайтида ҳаво гимнастикачилари Рустэм Османов ва Кристина Воробьёва ўн метр баландликдан йиқилиб тушган эди. Рустэм Османов турмуш ўртоғи Кристина Воробьёвани бир қўли билан ушлаб, иккинчисини бўшаштирганда йиқилиб тушганлар.
Рустэм Османов Кристина Воробьёванинг устига йиқилгани учун қаттиқ жароҳат олмаган.
Мазкур ҳодисадан сўнг Ўзбекистон Маданият вазирлиги уларнинг аҳволи оғир эмаслигини билдирганди. Рустэм Османов ва Кристина Воробьёва шартнома асосида Амстердамда ишлаётган эдилар.