Қирғизистон-Тожикистон чегарасида содир этилган низо оқибатида камида 33 минг киши уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Бу ҳақда 2 май куни Бишкекда ўтган брифингда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ализа Сўлтўнбекова маълум қилди.
Унга кўра, жанглар борган ҳудуддан хавфсиз жойга кўчирилганлардан 19 мингги балоғатга етмаган болалардир.
Вазир ўринбосари 28,29,30 апрель ва 1 май кунлари давом этган отишмаларда Қирғизистон томонидан 34 киши, жумладан, 13 ёшли қизалоқ ҳалок бўлганини, 180га яқин одам яраланганини билдирди.
Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, низо оқибатида Боткен вилоятида 78 та турар жой, 2 та мактаб, 1 фельдшерлик пункти, 1 болалар боғчаси, 1 ИИБ биноси, 3 та чегара заставаси, 10 АЁҚШ, 8та магазин ёниб кул бўлган.
Тожикистон томони ҳозирча бу борадаги маълумотларни расман очиқламади.