Шавкат Мирзиёев АҚШ конгрессменлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилди

Президент Шавкат Мирзиёев конгрессменлар Дон Бэйкон, Дуг Ламборн, Трой Нельс ва Август Пфлюгер билан.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир келишувлар доирасида Тошкентга келган Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатасининг аъзолари Дон Бэйкон, Дуг Ламборн, Трой Нельс ва Август Пфлюгерни қабул қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, учрашувда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

“Суҳбат чоғида парламентлараро йўналиш билан бир қаторда АҚШ делегацияси аъзолари вакиллик қилаётган етакчи штатлар - Небраска, Колорадо ва Техас билан ҳамкорлик бўйича лойиҳа ва дастурлар муҳокама қилинди”,-дейилади хабарда.

Шунигдек, инновациялар ва саноат технологиялари, IT соҳаси, қишлоқ хўжалиги, “яшил” энергетика, соғлиқни сақлаш ва таълимда кооперацияни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида қўшма “йўл харита”сини тайёрлаш ва ишбилармонлик миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.