24 октябрда ўтадиган сайловда президентликка номзод сифатида иштирок этаётган амалдаги президент Шавкат Мирзиёев Бухорода сайловчилар билан учрашуви чоғида ҳар бир маҳаллага давлат бюджетидан камида 1 миллиард сўмдан ажратилишини маълум қилди.
Президентнинг айтишича, «азалдан тадбиркор ва ҳунармандлар юрти» қаторида «шуҳрат қозонган Бухорода» тадбиркорлик ва ҳунармандликни қўллаш учун маҳаллаларга маблағ ажратиш орқали камида 90 минг кишини иш билан таъминлаш мумкин.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, бу мақсадни амалга ошириш учун ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилади. Ҳоким ёрдамчилари маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш жойларини яратишга масъул бўлади
“Ҳоким ёрдамчилари оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ҳар йили ажратиладиган 700 миллиард сўм кредитларнинг 544 та маҳаллада берилишини таъминлайдилар. Яъни, ҳар бир маҳаллада камида 1 миллиард сўмдан маблағ бўлади. Ҳоким ёрдамчилари иқтисодиёт, инвестиция, ҳокимият идораларида ишлайдиган билимли ва шижоатли ёшлар орасидан танланади ҳамда 2 ой давомида янги тизим асосида ишлашга ўқитилади”, - деб айтган президент.
Президент 11 октябрь куни Қашқадарё вилоятида сайловчилар билан учрашув ўтказган эди. Шундан сўнг у душанба куни кечқурун Бухорога келган ва 12 октябрь куни сайловчилар билан учрашмоқда. Шавкат Мирзиёев президентликка номзод сифатидаги учрашувларни Қорақалпоғистондан бошлаган ва шу кунгача қатор вилоятларда бўлди.