Амалдаги президент ва бўлғуси сайловларда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 28 сентябрда Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашар экан, келгуси беш йилда вилоятда 1 минг 300 та давлат, хусусий ва уй боғчалари, 4 та университет ташкил этилиши ҳамда ўрта таълим мактабларининг қуввати 100 минг ўринга оширилишига ваъда берди.
Президентга кўра, 2020 йилдан Риштоннинг Чўнғара, Фарғона туманининг Шоҳимардон, Ёрдон ва Ҳосилот маҳаллалари ёшларига ҳам Сўх тумани ёшлари каби олийгоҳларга киришда имтиёз берилади.
Мирзиёев кейинги президентлик муддати давомида Фарғона вилоятини ривожлантириш учун 40 триллион сўм ажратилишини таъкидлади.
Бундан ташқари, Фарғонада 40 минг аҳоли яшайдиган Эко шаҳар қурилиши, Қўқон ва Марғилон шаҳарлари кенгайтирилиши, 30 минг квартирали 700 та кўп қаватли уй қурилиши билдирилди.
24 октябрдаги сайловларда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган 64 яшар Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд ва Наманган вилоятларида ўтказилган учрашувларда ҳам сайловчиларга шунга ўхшаш ваъдаларни берган эди.