Президент Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Сурхондарё вилояти Шеробод туманида қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига тамал тоши қўйди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
Расман билдирилишича, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” ширкати қурадиган мазкур қуёш электр станцияси учун 601 гектар майдон ажратилган.
“Masdar” компанияси 260 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилади. Станциянинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,04 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Бунинг натижасида йилига 340 миллион куб метр табиий газ тежалиб, 300 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади.
Фотоэлектр станцияси қурилишида минг киши, битганидан кейин 120 нафар мутахассис ишлайди. Ушбу йирик иншоотни 2023 йил августда ишга тушириш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида мазкур компания томонидан қуввати 457 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 220 кВт кучланишли янги нимстанция ва “Сурхон” нимстанциясига уланиш учун 52 километрлик электр узатиш тармоғи барпо этилади.
“Шундан сўнг Президент қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши муносабати билан унинг пойдеворига капсула қўйди”,-дейилади хабарда.
Президент матбуот хизмати жорий йилда БААнинг “Masdar” ва Франциянинг “Total Eren” ширкати томонидан Навоий ва Самарқандда ҳар бирининг қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилиши ҳам таъкидланган.
Ўзбекистонда 2030 йилгача қуёш электр станциялари қувватларини 5 минг, шамол электр станциялари қувватини 3 минг ва гидроэлектр станциялар қувватини 4 минг мегаваттга етказиш мақсад қилинган.