Россиянинг РИА Новости агентлиги Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида уриб туширилган Афғонистон ҳарбий самолётининг икки учувчиси оғир аҳволда экани тўғрисида хабар тарқатди.
Агентликнинг тиббиёт ходимларига таяниб ёзишича, учувчилар Термиздаги касалхонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда ва “уларнинг аҳволи барқарор оғир”. Афғон учувчиларига “орқа мия сиқилиши” ташхиси қўйилган.
15 август куни маҳаллий нашрлар Шеробод туманида Афғонистон самолёти уриб туширилгани тўғрисида ёзган эди. 16 август куни эса Бош прокуратура Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти 14-15 август кунлари Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ўтгани ва улар Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилганини билдирган.
Аммо орадан кўп ўтмай Бош прокуратура ўзи тарқатган бу маълумотга ўзи раддия берган эди.