4 май куни Сурхондарë вилояти Шўрчи туманидаги «Озод» МФЙда жойлашган «Озод тех ойл» МЧЖга қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин юзага чиқди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра¸ “воқеа жойига зудлик билан 4 та ёнғин-қутқарув экипажлари етиб бориб, ёнғин соат 10:05 да ўраб олинган ва соат 10:36да тўлиқ бартараф этилган”. Расмий маълумотда¸ фақат бир одамнинг жароҳат олгани айтилади.
Аммо воқеа гувоҳларининг Озодликка билдиришича¸ ўт ўчирувчилар воқеа жойига кечикиб келган¸ уларда бунақа ëнғинни ўчиришга имкон берувчи техника бўлмаган; “Тез ëрдам” рақамлари ишламаган.
Оқибатда¸ портлашдан куйган пайвандчи¸ 52 яшар Абдуназар Холмуродов вафот этган.
Гувоҳлар¸ бу фожиа туман фавқулодда хизматларининг фавқулодда ҳолатга мутлақ тайëр эмаслигини кўрсатганини айтади.
Расмий хабар – ўт ўчирувчилар қаҳрамон!
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати 4 май куни Шўрчининг «Озод» МФЙда жойлашган «Озод тех ойл» МЧЖга қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида чиққан ëнғин ҳақида хабар тарқатди.
Унга ишонилса¸ ўт ўчирувчилар воқеа жойига зудлик билан етиб борган ва 4 та ёнғин-қутқарув экипажи ёнғинни соат 10:05 да ўраб олиб¸ ярим соат ичида (соат 10:36 ) тўлиқ бартараф этган.
“Оқибатда 25 метр/куб дизель ёқилғи сақлаш резервуари ичидаги тахминан 2 метр/куб дизель ёқилғиси ва резервуар ёниб зарарланган. Ёнғин-қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида 2 та 10 метр/куб ва 1 та 5 метр/куб ёқилғи сақлаш резервуарлари ёнғиндан сақланиб қолинган”¸ дейилади ФВВ хабарида.
Шохобча ҳудудида пайвандлаш ишларини олиб бориш оқибатида келиб чиққан ҳодиса оқибатида, расмийларга кўра¸ “бир нафар фуқаро куйиш тан жароҳати билан туман марказий шифохонасига ётқизилган”.
Гувоҳлар ҳикояси – ўт ўчирувчилар кеч келди¸ ëнғин 4 соатдан кейин ўзи ўчди!
Шўрчидаги ëқилғи қуйиш шохобчасидаги портлаш ва ëнғин гувоҳлари ФВВни жамоатчиликка ëлғон маълумот тарқатишда айблайди.
“Биз ўша жойда эдик. Пожарний икки соат деганда келди. Келганидан кейин ҳам¸ уларнинг бунақа катта ëнғинни ўчирадиган техникаси йўқлиги кўринди. Ўт ўчирувчилар деярли ҳеч нарса қилолмади. Ëнғин 4 соатдан кейин ўзи ўчди”¸ дейди воқеа гувоҳларидан бири.
Озодлик гаплашган шўрчиликларга кўра¸ ëқилғи қуйиш шохобчаси ҳудудидаги керосин цистернасида тешик пайдо бўлгани ортидан шохобча эгаси ўғирлик олдини олиш учун пайвандчи Абдуназар Холмуродовни чақирган.
“У тешикни ямаëтган пайтда чиққан учқун цистерна ичига урган. Портлаш даҳшатли бўлди. Одам осмонга учиб¸ ëнаëтган шардек ерга қулади. Баданининг 95 фоизи куйдиëв. Скорийга телефон қилсак¸ номерлар ўчиқ. Йўлдан ўтаëтган ҳайдовчиларни тўхтатсак¸ куйганнинг аҳволини кўриб¸ кўпчилиги рози бўлмади. Амаллаб биттаси кўндириб¸ Абдуназар акани кўрпага ўраб¸ больницага опкетишди. Скорий икки соатдан кейин келиб¸ пожарни томоша қилиб¸ сигаретини чекиб кетди. Куйган касалхонада ўлди ва бугун чиқаришди”¸ - дейди ëнғин гувоҳларидан бири 5 май куни.
Холмуродов қўшниларининг Озодликка айтишича¸оила фожиани “Оллоҳнинг иродаси” сифатида қабул қилган ва шохобчанинг ҳожи эгасига даъвоси йўқлигини билдирган.
Озодлик марҳум оиласидан ҳодиса юзасидан маълумот ололмади.
Томошага келган ўт ўчирувчи ва “Тез ëрдам”чилар
Озодликка ҳодиса жойидан юборилган видеоларда портлаш бўлган ëқилғи қуйиш шохобчасининг одамлар ҳовли-жойига яқинлиги¸ ëнғин ва осмонга ўрлаëтган қуюқ қора тутун кўринади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Видеолардан бирида шохобча олдида битта ўт ўчириш машинаси пайдо бўлгани ва унинг ëнаëтган дизелни ўчириш учун оддий сув пуркагич насосини тортаëтгани кўринади.
“Пожарнийларда заправкадаги ëнғинни ўчирадиган ҳеч нарсаси йўқ экан. Оддий сув билан келди. Шунинг учун ëнғиннинг ўчишини кутишди. Охирида у ëқ¸ бу ëққа сув сепишди. Вазирлик хабарида ëнғинни ўт ўчирувчилар ярим соатда ўчирди¸ деган гап ëлғон”¸ - дейди гувоҳлардан бири.
ФВВ вазирлиги тақдим этган суратларда ëнғин ўчиб бўлган пайтда бошқа цистерналар устига сув сепаëтган ўт ўчирувчилар кўринади.
Мутахассислар таъкидича¸ бензин ва дизель каби нефть маҳсулотлари ëнганда¸ сув эмас¸ махсус пена(кўпик) сепилади. Экспертларга кўра¸ зичлиги сув зичлигидан кам бўлган нефть маҳсулотлари ëнаëтганда уларга сув сепиш¸ ëнғинни кучайтириши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сурхондарë вилояти бошқармаси¸ Шўрчи туман марказий касалхонаси телефон рақамларига кун давомида ҳеч ким жавоб бермагани оқибатида 4 май кунги портлаш ва ëнғинга оид изоҳ олиш имкони бўлмади.
Воқеа гувоҳлари эса¸ расмий тизимлар ëлғон хабар ва йўқ жойдан қаҳрамон яратиш ўрнига¸ вақтини ўт ўчириш ва “Тез ëрдам” хизматини яхшилашга қаратса яхшироқ бўларди¸ деган фикрда.
“Кўз ўнгимизда бир одам куйиб ўлди¸ на пожарний¸ на "Тез ëрдам "вақтида келмагани учун. Бу давлатнинг фавқулодда вазиятларда ишлаши керак хизматлари ишламаяпти¸ дегани. Эртага биз ҳам худди шундай ҳолга тушиб¸ ўлиб кетишимиз ҳеч гап эмас”¸ дейди 4 май кунги фожиа гувоҳи.
“Тез ëрдам”нинг вақтида келмагани¸ ëхуд ўт ўчирувчиларнинг ëнғинни ўчиришга техник имконияти йўқлиги боис фавқулодда ҳолатларнинг фожиа билан тугаганига оид хабарлар Озодликка тез-тез келади.
Мавзуга алоқадор Бозорда пичоқланган аёлнинг "Тез ёрдам" кечиккани учун ўлгани айтилмоқда (ВИДЕО)Хусусан¸ гувоҳлар Озодликка Наманган бозорида пичоқланган аëлга ëрдам учун чақиртирилган “Тез ëрдам” нинг бир соатдан кейин келгани¸ бунгача унинг кўп қон йўқотиш туфайли ўлганини билдирган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бундай шикоятларнинг айниқса¸коронавирус пандемияси даврида кескин кўпайгани кузатилади.