Экологлар Президент олдига кўллар бўйича 7 саволни кўндаланг қўйди

Ўзбекистонлик бир гуруҳ эколог ва табиатсевар фаоллар кўллар ва бошқа сув ҳавзаларининг мавжуд қоидаларга зид тарзда хусусий тадбиркорларга бериб юборилаётганидан хавотир билдириб мамлакат президентига мактуб йўллади.

"Менинг фикрим" жамоатчилик ташаббуслари ягона платформасида куни кеча эълон қилинган мактубни имзолаганлар кўллар ва бошқа сув ҳавзалари давлат қарамоғида қолиши лозимлигини билдирган.

Экологларнинг хати ортидан Озодлик мурожаат қилган Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мулозими хусусий қўлларга берилган кўллар экологик назорат остида эканлигини билдирди. Мулозимга кўра¸ “кўллар тизими акваториясида куну тун фаолият юритадиган давлат экологик назоратини амалга оширувчи пунктлар ташкил этилган”.

Табиат тарозисини тадбиркор бузмасин

Мактубга имзо чекканлардан бири¸ тошкентлик эколог Алексей Гаршиннинг Озодликка айтишича¸ кўл ва бошқа табиий сув ҳавзаларининг тадбиркорлар тарафидан фақат тижорий мақсадда фойдаланиши оқибатида экологик мувозанат бузилмоқда:

- Кўлларни хусусий қилиб олганлар нима хоҳласа қилиб ëтибди. Табиий ландшафтни бузиб ташлашди. Кўлларга озиқ-овқат қолдиқларидан иборат ем ташлаб, бир турдаги сотувбоп балиқ кўпайтиришмоқда. Бу ҳолат пировардида экологик ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳаракат эркинлигидан мосуво балиқлар

Эколог Алексей Гаршинга кўра¸ Ўзбекистондаги Арнасой кўллар тизимига кирадиган турғун кўлларнинг тижорий мақсадларда ўнлаб тадбиркорлар тарафидан фойдаланилаëтгани акватория узвийлига зарар етказган:

- Айдаркўл, Тузкон ва Шарқий Арнасой кўлларини ўз ичига оладиган турғун кўллар бир-бири билан узвий боғланган. Балиқлар бир кўлдан иккинчисига бемалол ўтиб увилдириқ қўйишган. Ҳозир эса тадбиркорлар кўлларни ўзаро бўлиб олиб бошқа кўл билан туташадиган ирмоқларга сетка ëки шлюз қўйишган. Балиқларнинг табиий ҳаракат цикли бузилди. Иккинчидан, тадбиркорлар кўлларни қамишлардан тозалаб ташлашди. Қамишлар орасидаги қизил китобга кирган кўплаб сув ҳайвонлари нобуд бўлди. Айнан шу ҳолат кўл учун ҳалокатлидир.

Ўзбек кўлларининг етти муаммоси

Эколог Алексей Гаршиннинг айтишича¸ кейинги 3 йил ичида мавжуд қонунларга зид тарзда тадбиркорларга бериб қўйилган юзлаб кўллар талон-торож қилинмоқда:

- Биз президентга мурожаатимизда бу улкан муаммони етти мисолда кўрсатдик:

1. Туябўғуз сув ҳавзаcи нега ” Golden Fish” ҳусусий ширкатга берилди?

2. Сардоба сув ҳавзасидаги шубҳали қурилиш ортида ким турибди?

3.Тузкон кўллар тизимидаги 20 квадрат километр сув ҳавзасини тадбиркорга берилиши нега Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси рухсатисиз амалга оширилди?

4.Миллий гидропарк ҳисобланган Урунғоч нефрит кўли қайси ҳуқуқий асосда тадбиркорга берилди?

5. Бухородаги кўлларга эгалик қилаëтган тадбиркорлар нега у ердаги ноëб балиқларни қириб сотувбоп балиқ монокультурасига ўтди?

6 Намангандаги Резак кўли нега оддий халқ ва ҳаваскор балиқчилар учун ëпиб қўйилди?

7. Қайси қонун асосbда Айдаркўлини ким ошди савдосида сотишмоқчи?

Алексей Гаршиннинг айтишича¸ бу 7 муаммо бўйича мамлакат раҳбаридан жавоб кутишмоқда

Вазирлик кўлдан қутулганидан севинмоқда

Озодликнинг ўрганишича¸ кўлларнинг аксари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига, баъзилари эса Ўзбекистон маданият вазирлигига тегишлидир.

Ўзбекистон маданият вазирлигининг Озодликка гапирган мулозими дам олиш зоналаридаги кўллар тадбиркорларга узоқ муддатга имтиëзли асосда ижарага берилганини айтди. Унинг айтишича, Маданият вазирлигида бу кўлларни бошқариш ва эксплуатация қилиш учун етарли ходим ва ресурс йўқ. “Шу боис кўлларнинг тадбиркорлрга берилиши мақъул иш бўлди" деди лавозимида матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми айтилишини истамаган мулозим.

Давлат назорат қилмоқда?

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими эса, “мулкчилик кўринишидан қатъиназар мамлакатдаги кўллар жамламаси қўмитаниг доимий назоратида“ эканлигини билдирди.

Мулозимга кўра¸ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил апрелидаги 347- қарори билан Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тасдиқланган.

- Бу қарор сиз ва экологлар кўтарган асосли саволга жавобдир. Қарорда кўллар тизимининг биологик хилма-хиллигини сақлаш устувор масала қилиб қўйилган, - деди қўмита мулозими.

Эколог Алексй Гаршин эса, бу қарор талаблари қоғозда қолиб кетаëтганидан ташвиш билдирди:

- 347- қарор ҳам кўлларнинг бу тарздаги талон-торожига чек қўйиш учун қабул қилинди. Лекин шунга қарамай, 1 июлдан бошлаб сув ҳавзаларини контурлари танлов асосида «Е-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси орқали ижарага бериш бошланди. Аммо бундай ижарага бериш учун қонуний асос йўқ.

Табиатнинг бокира қолган ноëб бўлгаси

Эколог Алексй Гаршинга кўра¸ Қизилқум ва Нурота тоғ тизмалари оралиғида жойлашган Айдар-Арнасой кўллар тизими сайëранинг ноёб ўсимликлар ва ҳайвонот олами сақланиб қолган уникал ҳудуд ҳисобланади:

- Кўллар ва уларнинг соҳилларида Ўзбекистоннинг Қизил китобига киритилган ҳайвонлар ва қушлар яшайди. Уларнинг қирғин қилинишига бемалол қараб тура олмаймиз.

Урунғоч кўли мисолида ижобий ечим

Озодлик бундан олдин Урунғоч кўли мисолида айни муаммоларни ëритган эди.

Мақола ортидан Урунғоч кўли жорий йил август ойида давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилинди.

Тошкент вилоят ҳокимлигига бир ой муддатда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи (УЧДМТБ) Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган майдони 43 га бўлган Урунғоч табиий кўли ва унга туташ ҳудудларни ўрнатилган тартибда давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилиниши топширилди.

Белгиланишича, Урунғоч давлат гидрологик табиат ёдгорлиги Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган, унинг бир қисми бўлиб, мазкур хўжалик томонидан ерлари олиб қўйилмаган ва объектга салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай фаолиятни тақиқлаган ҳолда бошқарилади.

Ўзбекистоннинг энг ноёб табиий масканларидан ҳисобланган Урунғоч кўли бўйида айвонлар қурилиб, чойхона ва қайиқда сайр қилиш хизматлари йўлга қўйилгани атроф-муҳит ҳимоячилари ва экосайёҳлар норозилигига сабаб бўлган эди.