Энергетика вазири Алишер Султонов портлаб кетаётганига қарамай, “Технопарк” компаниясининг электрон газ ҳисоблагичларини аҳоли хонадонларига ўрнатиш давом эттирилишини билдирди.
Вазир Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида “Технопарк” газ ҳисоблагичларининг портлаши “ёмон ниятдаги одамлар томонидан махсус” уюштирилаётганини иддао қилди:
“Бу атайлаб амалга оширилган. Биз текширув ўтказдик ва буни аниқладик. Ушбу “оғайнилар” биз билан қанчалик курашмасин, барибир ҳисоблагичларни ўрнатамиз ва одамларни истеъмол қилган нарсаси учун пул тўлашга мажбур қиламиз. Тартиб ўрнатамиз ва ўғирликларга барҳам берамиз”, — деб айтган вазир.
Алишер Султоновга кўра, электрон газ ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича очиқ ўтказилган тендерда “Технопарк” ғолиб бўлган.
Озодлик радиоси жорий йилда “Суриштирув: $555 млнлик газ ҳисоблагич лойиҳаси Tошкент ҳокими Ортиқхўжаевга алоқадор компанияларга берилди”, “Андижонда портлаш: Жаҳонгир Ортиқхўжаев бренди билан 3,5 миллион хонадонга мажбуран ўрнатилаëтган газ ҳисоблагич хавфсизлиги савол остида”, “Ҳужжатлар Ортиқхўжаев билан тузилган $583 млнлик шартнома қонунийлигини савол остига қўймоқда” каби қатор мақолаларни эълон қилган эди.
Мазкур мақолалардан бирида бу ташкилот томонидан ўрнатилаётган газ ҳисоблагичлари портлаб кетаётгани ҳақида гап боради.
Озодлик суриштирувида келтирилган факт ва маълумотларга ҳозирга қадар на бу жараëн тепасида турган Вазирлар Маҳкамаси¸ на давлат буюртмачиси ролидаги “Ҳудудтаъминотгаз”¸ на Жаҳонгир Ортиқхўжаев раҳбар бўлган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва на унинг бу лойиҳага алоқадор хусусий бизнес структуралари бирор шаклда муносабат билдирган эмас.