Энергетика вазири Алишер Султонов “Америка овози”га берган интервьюсида Ўзбекистонда қазиб олинаётган газ “учта Ўзбекистонни таъминлашга етади”, деб билдирди.
Унга кўра, 95 миллион аҳоли яшайдиган Туркия йилига 45 миллиард куб метр газ истеъмол қилади.
“35 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистонда ҳам 45 миллиард куб метр газ истеъмол қилинади”,-деган вазир.
Алишер Султоновга кўра, айрим туманларга газ қувури ётқизилган тақдирда ҳам, қувурдаги газ босими етарли даражада бўлмайди. Вазир бу ҳолатни “иқтисодий, менталитет ва дунёқараш нуқтаи назаридан келиб чиқадиган тизмли муаммо”, деб атади.
“Шунинг учун энергосамардорлик яқин йиллар учун бизнинг асосий шиоримиз бўлиши лозим. Асосий ислоҳот бу-энергияни тежашдир”,-деган вазир.
Унга кўра, ҳар бир хонадонда ота-оналар фарзандларига ёшлигиданоқ сувни тежашни, уйдан чиқаётганида чироқни ўчиришни ўргатиши лозим.
Султоновнинг айтишича, Ўзбекистондаги 70 фоиз корхона ва ташкилотларда энергияни тежашга мўлжалланмаган ускуналар ўрнатилган.
Хонадонларга ва корхоналарга энергияни тежовчи ускуналар ўрнатилсагина, Ўзбекистонда энергия сарфини камида 3-4 баробарга камайтириш имконияти пайдо бўлади.