Энергетика вазирлиги рад қилган маълумотни Монополияга қарши курашиш қўмитаси тасдиқлади

Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқарувчиларга етказиб бериладиган газ босимининг пасайиши оқибатида “Қувасойцемент” АЖ ва “Оҳангаронцемент” АЖ томонидан цемент ишлаб чиқарилиши тўхтатилган. Шу боис иккала ишлаб чиқарувчининг цемент маҳсулоти ўтган ҳафтада фонд биржа рўйхатига олинмаган. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) ўз Телеграм-канали орқали билдирди.

Қўмита вакилларига кўра, биржага цемент кам миқдорда чиққани сабабли унинг нархи ошиб кетган.

Айтайлик, ҳафта бошида 1 кг цемент 512 сўм бўлган бўлса, ҳафта охирида у 539,1 сўмгача (ёки 5 фоизга) кўтарилган”, дейилган МҚКҚ хабарномасида.

Ўтган ҳафта Энергетика вазирлиги цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият тўхтаганига оид маълумотни рад этган ва бу ҳақда хабар тарқатаётган манбаларни ёлғон маълумот тарқатишдан огоҳлантирганди.

Қайд этиш жоизки, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз хабарномасида “Қувасойцемент” ва “Оҳангаронцемент” ўз фаолиятини газ таъминотидаги муаммолар боис тўхтатганини, Энергетика вазирлиги эса мазкур корхоналарга электр энергияси аввалгидек етказиб берилаётганию улар фаолияти тўхтамагани ҳақида сўз юритган.

Энергия манбалари ўртасидаги фарқдан қатъи назар бу ўринда эътиборли жиҳат корхоналар фаолиятининг тўхтатилган-тўхтатилмагани ҳамда бунинг Ўзбекистонда цемент нархи ошишига кўрсатган таъсири бўлиб ҳисобланади.