Эрон фуқаролар ҳимояси ва киберхавфсизлик ташкилоти раиси Ғўламирза Жалилий жорий ҳафта ўртасида мамлакатдаги автомобилларга ёқилғи қўйиш шахобчаларига қилинган киберҳужумларда АҚШ ва Исроилни айблади.
У айни пайтда бу борадаги техник тергов давом этаётганини ва бу дастлабки натижа эканини таъкидлади.
Жалилий давлат телеканалига берган интервьюсида: “Ҳозирча биз экпертлар хулосасига таянган ҳолда иддао қила олмаймиз, бироқ таҳлилий нуқтаи назардан келиб чиқадиган бўлсак, мен бу воқеани сионистлар режими, америкаликлар ва уларнинг агентлари келтириб чиқарди, деб ҳисоблайман”,-деб айтди.
Киберҳужум оқибатида Эрондаги автомобилларга ёқилғи қўйиш шахобчалари фаолияти тўхтаб қолгани ҳақида Туркиянинг Anadolu агентлиги хабар берганди.
Хабарда айтилишича, Эрон фуқароларига автомобиль ёқилғиси учун субсидия карталари берган давлат тизимига киберҳужум қилинган. Ҳужум оқибатида субсидия картаралари ишламай қолган. Эронликларнинг асосий қисми мазкур карталардан фойдаланади.
Эрон президенти Иброҳим Раисий киберҳужумни мамлакатда беқарорлик ўрнатишни ният қилган кучлар уюштиргани тўғрисида баёнот берди. Киберҳужум оқибатларини бартараф этиш учун Эрон 300 нафар мутахассисни жалб қилди.