Эрон Россияда ишлаб чиқилган Sputnik V вакцинаси билан аҳолисини эмлаш кампаниясини бошлаб юборди.
Имом Хомейни шифохонасидан 8 февраль куни берилган жонли эфирда соғлиқни сақлаш вазири Сайид Намаки Россия вакцинаси билан илк эмланган инсон унинг ўғли бўлганини айтган.
Вазир ўринбосари Алиреза Раисийнинг айтишича, вакцина билан энг аввало коронавирус билан касалланганларни даволаётган тиббиёт ходимлари, ногиронлар, қариялар ва нафақахўрлар эмланади.
Эронга Россиянинг Sputnik V вакцинасининг биринчи партияси 4 февралида келтирилган. Вакцинанинг яна икки партияси 18 ва 28 февраль кунлари келтирилади.
Вазирликнинг матбуот котиби Киануш Жаханпурнинг AFP агентилига айтишича, Эрон вакцинадан 2 миллион доза сотиб олган.
Sputnik V вакцинасининг учинчи босқич синовларининг натижалари ўтган ҳафта The Lancet журналида чоп этилган эди. Журналдаги маълумотда таъкидланишича, икки дозали ушбу вакцинанинг самараси 91,6 фоизни ташкил этади.
Эрон Ўрта Шарқда коронавирусдан энг кўп талафот кўрган мамлакат бўлиб, 1,4 миллион эронлик бу вирусга мубтало бўлган, шулардан 58 500 нафари коронавирусдан вафот этган.