Яна учта хусусий бандлик агентлиги лицензияси бекор қилинди

"Korean & Migrations" фирмасидан алданганлар намойиши. 12 октябрь, Мустақиллик майдони.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 16 ноябрь куни яна учта хусусий бандлик агентлиги лицензиясини бекор қилди.

«Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Manpower consult group”, “Unistaff”, “Karmada Recruiting and Consulting” хусусий бандлик агентликларига Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензияларининг амал қилиши бекор қилинди»,-дейилади расмий хабарда.

Вазирлик мазкур хусусий бандлик агентликлари лицензиясининг бекор қилинишига қандай омиллар сабаб бўлгани тўғрисида маълумот бермаган.

Октябрь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сўнгги 18 ой ичида лицензияси бекор қилинган хусусий бандлик агентликлари сони 50тага етгани тўғрисида хабар берган эди.

Мавзуга алоқадор Хусусий бандлик агентликлари: Фирибгарлар дастидан бизни бурчакка қисиб қўйишди!

Вазирлик ўшанда хусусий бандлик агентликлари реестрига киритилган 103та агентликдан фақат 25таси лицензияга эгалигини ҳам маълум қилган.

Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил 15 октябрда рухсат берилган эди. Ўшандан бери ўзбекистонликларни хорижда ишга жойлаштириш ваъдасини бериб, улардан йиғилган миллиард сўмлаб маблағларни ўзлаштириб юборгани ортидан қатор агентликларга нисбатан жиноят ишлари очилган, уларнинг раҳбарлари турли муддатларга қамалган.