“Янги Ангрен” ИЭСда портлаш юз берган цех бошлиғи ўзини осди

“Янги Ангрен” иссиқлик электр станцияси.

“Янги Ангрен” ИЭСда цех бошлиғи бўлган 40 ёшли С.Ш., 23 январь куни уйида ўзини осиб ўлди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов ва яна бир мутсақил манбага таянган ҳолда Kun.uz хабар берди.

Маълум қилинишича, ўлимидан олдин С.Ш., ИЭСда содир бўлган портлаш юзасидан терговга чақирилган. ИЭСдаги портлаш айнан у раҳбарлик қиладиган цехда содир бўлган.

“Янги Ангрен” ИЭСи раҳбарияти 23 январь куни иссиқлик электр станциясидаги портлаш “Энергоқозонтозалаш” ширкати ходимлари 5-қозон агрегатини кимёвий тозалаш пайтида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмагани ортидан содир бўлганини билдирган эди.

Озодлик радиоси 20 январь куни ИЭСнинг таъмир учун тўхтатилган 5-блокида портлаш содир бўлгани, портлаш оқибатида 3 киши ўлганм ва 3 киши оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар қилган.

Мавзуга алоқадор "Янги Ангрен" ИЭС: Қурбонлар яқинлари ва ишчилар фожиа такрорланиши хавфидан огоҳлантирмоқда

Бу сўнгги 1 йилда “Янги Ангрен” ИЭСда содир бўлган иккинчи ҳалокат. 2020 йилнинг 30 январида чиққан ёнғинда станциянинг 4-3-блоклари томи ёниб кетган, унда ҳеч кимга шикаст етмагани айтилган эди.