Янгийўлда газ портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги уйлардан бирида газ портлаши оқибатида икки киши ўлди ва яна икки киши жароҳатланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, Тошкент вилояти Янгийўл тумани Истиқлол кўчаси, «Қирариқ» МФЙ да жойлашган 80-сонли уйда 30 ноябрь куни соат 7:42 да газ портлаган.

Портлашга газ-ҳаво аралашмаси чақнаши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Портлаш оқибатида ёнғин юз берган ва уйнинг бир қисми қулаб тушган.

“Бирламчи маълумотларга кўра, чақнаш натижасида уйнинг бир қисми қулаб тушган ва хонадон соҳиблари вайроналар остида қолган. Турар-жойнинг зарар етган қисмидан 1984 йилда туғилган И.С., 1987 йилда туғилган И.Н., 2006 йилда туғилган И.Р.Э ва 2009 йилда туғилган И.С., олиб чиқилиб, тиббиёт муассасасига юборилган”,-дейилади хабарда.

Касалхонада 1984 йилда туғилган И.С., ва 2006 йилда туғилган И.Р., вафот этган. 1987 йилда туғилган И.Н., ва 2009 йилда туғилган И.С., турли даражада тан жароҳатлари олган.