Ўзбекистонлик бир гуруҳ ёзувчилар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга қишга ҳозирлик бўйича ижтимоий сиёсатни кучайтириш илтимоси билан мурожаат қилишди. Бунга оид пост Facebook ижтимоий тармоғида ёйинланди.
Ўз мурожаатларида ёзувчилар шу кунда газ, электр танқислиги ва иссиқлик манбалари ишламаётганига оид шикоятлар ижтимоий тармоқларни босиб кетганига эътибор қаратишган.
“Айрим Интернет сайтлари расмий Тошкент қишни кутиб олишга тайёр эмаслиги билиниб қолгани ҳақида ёзди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, мамлакатимиз пойтахти тайёр эмаслиги билиниб қолган бўлса қолган вилоятларни, туманларни асти сўраманг”, дейилади мурожаатномада.
Ижодкорлар ўзларига Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида газ ўтказгич трубалари манфаатдор шахслар томонидан кесиб кетилгани, газ балонлари етишмаётгани, баъзи жойларда газ ўтказгич ва электр таъминот манбаси ишдан чиққани хусусида шикоятлар келаётганини урғулашган.
“Сиздан қишки тайёргарлик бўйича маҳаллий ҳокимият органлари ва тегишли ташкилотлардан таъминот масаласи юзасидан қаттиқ ҳисоб сўрашингизни илтимос қиламиз”, дейилади ёзувчилар мурожаатида.
Мазкур мурожаатнома айни пайтгача Facebook тармоғининг 300 дан ортиқ фойдаланувчиси томонидан дастакланган.
Ўтган ҳафта об-ҳаво шароитининг кутилмаганда ўзгариб, ҳарорат кескин совиб кетгани ортидан Ўзбекистонда газ, электр ва иссиқлик таъминотида коллапс юзага келгани ҳақида Озодлик аввалроқ қатор мақолалар эълон қилган.