Бугунги кунда Ўзбекистонда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоизни ташкил қилмоқда. Мамлакатда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу – аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади. Бу рақам президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида эътироф этилди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, йиғилишда ҳокимларнинг иқтисодиёт, инвестициялар ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарларига ёшларни иш билан банд қилиш, солиқ идораси, савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбарларига ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, туман прокурори, ички ишлар ва мудофаа бўлими бошлиқларига “уюшмаган ёшлар билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш” вазифаси юкланди.
Президент кўрсатмаси асосида 2021 йилда 500 минг ёш касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиши зарур.
Маҳаллий матбуотнинг таъкидлашича, йиғилишда Шавкат Мирзиёев Когон шаҳар 2-сектор раҳбари – шаҳар прокурорини ишдан бўшатган.
Мирзиёевнинг айтишича, у когонлик ёшлардан уч нафарини ишга жойлаштиришга ваъда берган, бироқ бу ваъдасини бажармаган.