Андижон вилояти Жалақудуқ туманида яшовчи аёл қуёнчилик учун “Агробанк”дан уч фоизлик имтиёзли кредит ололмагани юзасидан Президент қабулхонасига қилган шикояти ортидан банкнинг туман бўлимига 12 июнь куни чақиртирилгани ва ундан олмаган кредит учун Президент номига миннатдорчилик хати ёзиш талаб қилинганини айтди.
Қурбонова сўзининг тасдиғи сифатида “Агробанк” ходими экани айтилаётган шахс билан президентга миннатдорчилик хати ёзиш масаласини муҳокама қилаётгани ёзиб олинган аудиони ҳам Озодликка жўнатди.
Унинг иддаосича, овози ёзиб олинган банк ходими “Агробанк”нинг Жалақудуқ туман бўлими раҳбари муовини Ислом Бўтабековнинг ёрдамчисидир.
“Агробанк”нинг Жалақудуқ туман бўлими раҳбари муовини Ислом Бўтабековнинг Озодликка билдиришича, қуёнчилик учун кредит сўраб келган аёл президентга шикояти юзасидан банкка чақиртирилгани рост, лекин ундан президент номига миннатдорчилик хати ёзишни талаб қилинмаган.
Асл касби ўқитувчи бўлган Гавҳар Қурбонова иддаосича, “кредит олдим, қуёнларни боқяпман, президентимизга раҳмат” деган мазмундаги миннатдорчилик хати эвазига банк раҳбари муовини Ислом Бўтабеков унга икки-уч кун ичида келадиган ресурсдан биринчи навбатда кредит ажратиб беришни ваъда қилган.
“Икки кyнда қўшимча ресурс келади, сизга ўшандан биринчи бўлиб берамиз. Ҳозир “кредит олдим, қуёнларни боқяпман”, деб президентга хат ёзиб беринг, деди. Ёзиб бермадим, чунки мендан миннатдорчилик хатини ёздириб олиб масалани ёпишмоқчи, кейин кредит бўлмаслигини биламан, чунки ресурсларни сарфлаб бўлишган улар ”, - дейди Гавҳар Қурбонова.
Қурбонова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи бўйича ишлаб чиқилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича 27 миллион сўмдан кўпроқ кредит олиб, уйида қуёнчилик билан шуғулланишни ният қилганини айтади:
“Ўқитувчиман. Уйда қўшимча иш қилиб, ўттизтача зотдор қуён олиб, кўпайтирмоқчи эдим. Президентимиз бунинг учун уч йилга уч фоизлик кредит берилишини айтган эди. Лекин, банкдагилар кредитни пайсалга солишди. Уч кун аввал бу ҳақда Президент қабулхонасига шикоят қилган эдим. Бугун 12 июнь куни булар мени чақиртириб, олмаган кредит учун президентга миннатдорчилик ёздириб олиб, шикоятимни йўққа чиқаришмоқчи бўлишяпти”.
Қурбонова сўзининг тасдиғи сифатида “Агробанк” ходими экани айтилаётган шахс билан президентга миннатдорчилик хати ёзиш масаласини муҳокама қилаётгани ёзиб олинган аудиони ҳам жўнатди.
Аудиода Қурбонова “Мен қандай қилиб олмаган кредит учун миннатдорчилик хати ёзиб бераман”, деса банк ходими экани ишонилаётган шахс “бошлиғимиз қилиб бераман, ресурс келади, аниқ деяптику, нега ишонмайсиз”, дея жавоб қилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Қурбонова иддаосича овози ёзиб олинган банк ходими “Агробанк”нинг Жалақудуқ туман бўлими раҳбари муовини Ислом Бўтабековнинг ёрдамчисидир.
Озодлик Гавҳар Қурбонова иддаоси юзасидан “Агробанк”нинг Жалақудуқ туман бўлими раҳбари муовини Ислом Бўтабековга боғланди.
Бўтабеков аёлдан президент номига миннатдорчилик хати ёзишни талаб қилинмаганини айтди.
“Бу аёл кредит беришмаяпти, деб уч кун аввал Президент халқ қабулхонасига мурожаат қилган экан. Олдинига тикувчилик учун кредит олмоқчи бўлганди. Кейин, тикувчиликни қолдириб, қуёнчилик учун кредит сўраган. Шу кредитни сўраганида биз президентимизнинг 4231 – сонли қарорига асосан кредит ажратилишидан олдин маҳсулот етказилиб, хизмат кўрсатилиб бўлганидан кейин дастлабки мониторингни ўтказиб, кредит маблағни ажратиб беришимизни айтганмиз. Ҳозирча ресурс маблағлари тугаган, бир-икки кунда келади, келиши билан қуёнларингизни бориб кўрамиз ва пулни чиқариб берамиз, деганмиз, бошқа гап бўлмаган. Ҳеч қанақа миннатдорчилик хати, ташаккурнома сўралмаган. Биз шу мурожаати юзасидан суҳбат баёни ўтказишимиз керак бўлган, у шунинг учун чақиртирилди”, - деди “Агробанк”нинг Жалақудуқ туман бўлими раҳбари муовини Ислом Бўтабеков.
- Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил май ойида Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоятда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини ишлаб чиқиш бўйича маҳаллий ҳокимларга топшириқ берган ва ушбу дастурни амалга ошириш учун вилоятга 800 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилишини маълум қилган эди.
- Чорвачилик, қуёнчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, иссиқхоналар қуриш, боғ ва токзорлар яратиш, сартарошлик, косметология хизмати, косибчилик, тунукасозлик, ёғоч ва аллюминь профилдан эшик ва ромлар тайёрлаш, заргарлик, автосервис устахоналари очиш, қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби 20 дан ортиқ йўналишлар бўйича тадбиркорларга 3 фоизлик кредит беришга ҳам президент Мирзиёев топшириқ берганди.
- Ўзбекистондаги банклар Мирзиëевнинг микрокредит ваъдасини бажариш¸ яъни аҳолига 2-3 йил муддатга имтиёзли кредитлар беришни бошлаб юборган¸ аммо икки ой ўтиб-ўтмай¸ аксар тижорат банклари қарз сўровчиларни “ресурс тугаб қолгани” иддаоси билан қуруқ қўл билан қайтаришга мажбур бўлган эди.
- Озодлик билан суҳбатда банк тизими мутасаддилари¸ мазкур қарор асосида берилган имтиëзли кредитлар "қумга сингган сувдек" изсиз кетгани¸ на реал иш ўрни ва на банкларга даромад келтирмаганини айтган ва уларни қайтариш бўйича тижорат банкларининг жиддий муаммолар гирдобида қолганини ҳам айтишганди.