“Ўзбекистон Афғонистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш, бетарафлик ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори”,- деб баёнот берди ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 8 сентябрь куни Афғонистон билан қўшни давлатлар ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг видеоконференция шаклида ўтган учрашувида.
Абдулазиз Комилов ўз нутқи давомида Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий боғлиқликнинг муҳим бўғини эканини таъкидлаган.
“Шу маънода, Афғонистонни минтақавий интеграция жараёнларига жалб қилиш мамлакат иқтисодиётини тиклашга самарали имконият яратади”,-деб айтган вазир.
Покистон ташқи ишлар вазири Маҳмуд Қурайший раислигида ўтган видеоанжуманда Комиловдан ташқари Хитой, Эрон, Тожикистон, ташқи ишлар вазирлари ва Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари иштирок этди.
Ўзбекистон Толибон Кобулни эгаллаб, Афғонистон назоратини ўз қўлига олган 15 сентябрдан бери Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини турли йўллар билан расман изоҳлаб келмоқда.