Ўзбекистон 14 сентябрь куни Афғонистонга 1300 тоннадан иборат гуманитар ёрдам кўрсатгани тўғрисида Ariana News нашри хабар берди.
Билдирилишича, гуманитар ёрдам Aфғонистоннинг Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон чегара ўтиш пункти орқали етазилган. Ёрдам озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечаклардан иборат.
Ўзбекистон номидан ёрдамни Толибон ҳукумати расмийларига президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов топширган. Толибон ҳукуматининг вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид юкни қабул қилиб олган.
Толибон расмийлари Ўзбекистон жўнатган гуманитар ёрдам “бутун мамлакат бўйлаб кам таъминланган афғон оилаларига тарқатилиши”га ваъда берган.