Афғонистон ҳарбий ҳаво кучларининг Ўзбекистонга қочиб ўтган учувчилари АҚШнинг Дохадаги ҳарбий базасига эвакуация қилинади. Бу ҳақда АҚШ ва Ўзбекистон ўзаро келишувга эришгани тўғрисида The Wall Street Journal хабар берди.
Хабарда айтилишича, расмий Тошкент Афғонистондан Ўзбекистонга қочиб ўтган учувчиларни Дохага кўчиришни 11-12 сентябрь кунлари амалга оширади. Таҳмин қилинишича, камида 500 афғон ҳарбийси Ўзбекистондан Дохага олиб чиқилади.
30 август куни The Wall Street Journal Ўзбекистон АҚШни Афғонистондан икки ҳафта олдин қочиб ўтган малакали ҳарбий учувчиларни ватанига қайтариши мумкинлигидан огоҳлантиргани ҳақида ёзган эди. Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистоннинг бундай қадамга боришига Толибон босими сабаб бўлгани таҳмин қилинмоқда.
15 августда эса Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти 14-15 август кунлари Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ўтгани, мазкур ҳарбий техника Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилгани тўғрисида Бош прокуратура хабар берганди. Бироқ орадан кўп ўтмай Бош прокуратура ўзи тарқатган бу хабарга ўзи раддия берган.