Ўзбекистон АҚШни афғон учувчиларини Толибонга топшириши мумкинлигидан огоҳлантирди

АҚШ ҳарбий самолётларидан бири.

Ўзбекистон АҚШни Афғонистондан икки ҳафта олдин қочиб ўтган малакали ҳарбий учувчиларни ватанига қайтариши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда АҚШнинг The Wall Street Journal нашри Вашингтон расмийларига таяниб хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистоннинг бундай қадамга боришига Толибон босими сабаб бўлгани таҳмин қилинмоқда.

Вашингтон расмийларига кўра, Ўзбекистон АҚШни афғон учувчиларини тезроқ учинчи давлатларга кўчиришга чақирмоқда. Акс ҳолда Тошкент Толибон билан муносабатларни кескинлаштирмаслик учун учувчиларни Афғонистонга қайтаришга мажбур бўлади.

Аввалроқ Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти 14-15 август кунлари Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ўтгани, мазкур ҳарбий техника Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилгани тўғрисида Бош прокуратура хабар берганди. Бироқ орадан кўп ўтмай Бош прокуратура ўзи тарқатган бу хабарга ўзи раддия берган.

“Толибон учувчиларни ўзининг энг ашаддий душмани ҳисоблайди, чунки уларга асосан ҳаводан зарбалар берилган ва бу зарбалар натижасида катта талафотлар кўрилган. Толибон Ўзбекистондан учувчилардан ташқари самолётларни ҳам қайтаришни талаб қилмоқда”,-деб ёзди The Wall Street Journal.